Хорижда фалокатга учрасангиз, Ўзбекистондан ёрдамга боришади
Дунёда саёҳатни ёқтирадиган инсонлар кўп. Бир танишим бор, йилига икки марта хорижга, Европа давлатларига бориб-келмаса, ўзини ёмон ҳис қилади. Бироқ, у ўзбек тилидан бошқа ҳеч бир тилни билмайди. Баъзида турмуш ўртоғи, гоҳида ёлғиз сафарга кетаётгани ҳақида айтганда, “Бегона юртда, тил билмасангиз, қўрқмайсизми? Бирор жойингиз оғриб қолса нима қиласиз?” деган саволни бергим келади. Лекин, негадир шу вақтга қадар сўрамаган эдим.
Бугун “Gross Insurance” суғурта компанияси ўтказган тақдимотда ана шу ва туризм соҳасидаги бир қатор саволларимга жавоб топдим. Мижозларга янги имконият яратиш мақсадида компания суғурта бозорида биринчи бўлиб, сайёҳлар учун тезкор ёрдам кўрсатиш учун мобил илова ишлаб чиққан экан.
Бепул юклаб олинадиган илова маҳаллий ва чет эллик сайёҳларга узлуксиз 24 соат давомида хизматлардан фойдаланиш имконини беради.
– Бунда SOS тугмасини босиш орқали мижоз компаниянинг қўллаб-қувватлаш маркази билан боғланади, – дейди компания директор ўринбосари Отабек Назаров. – Зарур пайтда тез тиббий ёрдам, милиция, ёнғин хавфсизлиги, ФВВ қутқарув хизматлари билан ҳамкорликда фаолият юритамиз. Агарда сайёҳ бахтсиз ҳодисага учраса, тегишли маълумотларни элчихонага юборамиз.
Мазкур полисни сайёҳлар учун қулай жиҳатлари жуда кўп. Мисол учун, юртимизга оиласи билан келган туристнинг боласи бетоб бўлиб қолди. Шунда бегона юртнинг одами кимга, қандай мурожаат қилишни билмайди. Агарда у суғурта полиси олган бўлса, мобиль телефонидаги SOS тугмасини босиб, суғурта компанияси оператори билан боғланади. Марказ мижозга тез тиббий ёрдамни ташкил этиб, керакли кўрсатмани беради.
Яна бир қизиқ жиҳати. Чет элга саёҳатга кетаётган юртдошларимиз ҳам бу хизматдан фойдаланиши мумкин. Хусусан, охирги уч йилда компания хориж сафарига чиққан мижозларининг уч минг нафардан кўпроғига тиббий ёрдам кўрсатди. Ўттизга яқин мижозга жарроҳлик амалиётини ўтказишда кўмак берди.
Ўндан зиёд дипломатик корпус вакиллари иштирок этган тадбирда агарда четга борган юртдошимиз сим карта олиб улгурмай ёки иловани юклаб олмасдан бетоб бўлса уларга қандай ёрдам кўрсатиш мумкин, деган савол ўртага ташланди. Шунда компания вакиллари Яқин Шарқ, БАА, Миср, Туркия каби давлатларда сафарда бўлиб турган мижозларнинг жойлашуви ҳақидаги маълумотлар тўғридан-тўғри суғурта ассистанс хизматларини кўрсатувчи халқаро ҳамкорларимизга маълум бўлади, деган жавобни беришди.
Энди қайси давлатга борсангиз ҳам тез тиббий ёки бошқа ёрдам зарур бўлганда қўшимча телефон рақамларини излаш ёки теришга зарурат қолмади.
Сайёра Шоева