yangiliklar

“Ҳалол” белгиси – сайёҳларнинг бу борадаги талаблари қандай?

            “Францияда Алжир ва тунислик йигитлар билан ўқиганман. Бир куни дўконга кирганимда товуқ гўшти олмоқчи бўлдим. Улар “бу ҳалол эмас, сен яхшиси, балиқ ол”, деган фикрни айтишди. «Эй, нега товуқ гўшти мусулмонларда ҳалол-ку», деганимда, “Билмайсан-ку, унинг қандай ҳолатда сўйилганини, у одам қиблага қараб, бисмиллоҳ айтганми-йўқми?! Балиқ эса ҳақиқий маънода ҳалол ҳисобланади”, деган сўзларидан кейин эътироз билдириш ҳам ноқулай бўлди. Шунда уларнинг маънавиятига тан бергандим”. 

Бу – ўзбекистонлик Шерзодбекнинг хорижликларнинг ҳалол тушунчаси ҳақидаги фикрлари эди.

Тўғри, бу анча олдин билдирилган мулоҳазалар. Бироқ, айни вақтда ҳаёт тақозоси туфайли ҳалол тушунчаси турли жабҳаларда ўзига хос баҳолаш мезонига айланиб улгурди, назаримда. Ваҳоланки, “Ҳалол” белгиси остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Янги Зеландия ва Таиланд каби мамлакатларда алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Экспертлар 2025 йилда “ҳалол” стандарти маҳсулотларининг улуши дунёда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг камида 20 фоизини, 2030 йилга бориб эса 25 фоизини ташкил этишини таъкидлашмоқда. Агарда дунёдаги тахминан 1,8 миллиард одам, яъни ер аҳолисининг 24 фоизи мусулмон эканини инобатга оладиган бўлсак, бундай маҳсулотларга нечоғли эҳтиёж мавжудлиги аён бўлади.

Маълумотларга кўра, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Иордания, Миср, Баҳрайн каби мусулмон мамлакатларига “Ҳалол” белгиси остида ўз маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Жумладан, биргина БАА 200 дан ортиқ давлат билан савдо-сотиқ ишларини амалга оширади. Албатта, улар “Ҳалол” белгиси билан сертификатланган маҳсулотларни талаб этади. Айни пайтда дунёда бундай маҳсулотлар бозори ҳажми 4,0 триллион долларни ташкил этмоқда.

Энг қизиғи, унинг 20 фоизи Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларига тўғри келса, қолгани Европа Иттифоқи, Австралия, Янги Зеландия, Бразилия каби давлатларга тўғри келмоқда.

Яқинда бир ҳамкасбим Москвага хизмат сафарига бориб келди. Таассуротлари ҳақида ўртоқлашиб, овқатдан озроқ қийналгани, фақат гуруч истеъмол қилгани ҳақида айтди. Сабаби, салатда ҳам, таомларда ҳам чўчқа гўштидан фойдаланилгани учун таъби тортмабди. Шунинг учун гуруч ва мевалар тановул қила қолган экан.

Унинг сўзларини тинглай туриб, кўз ўнгимга Ўзбекистонга келаётган мусулмон сайёҳлар келди. Тўғри, юртимизда исломда ҳалол қилинган маҳсулотлар истеъмол қилинади. Юртимиздаги айрим тадбиркорлар ана шу тамға остида маҳсулот ишлаб чиқаришга анча олдин қўл уришгани эътиборга моликдир. Гарчанд бунга расман ижозат бўлмаса-да, “Ҳалол” белгисини, айниқса, гўшт, колбаса ва сосиска маҳсулотларига қўйиш одат тусига кириб улгурганди. Лекин хорижликларнинг бу борадаги талаблари қандай бўлар экан?

– Қарийб ўн беш йилдан буён тур-оператор сифатида фаолият юритаман, – дейди “Меҳмондўст Бухоро” тур фирмаси раҳбари Шоҳида Қурбонова. – Биз Эрон, Тожикистон, Исроил, Уфа, Доғистондан келган сайёҳларни кўпроқ қабул қиламиз. Улар бизнинг тарихимизга жуда қизиқади.

Мисол учун, Бухородаги “Етти пир” зиёратгоҳи улар учун жуда муҳим бўлиб, иккинчи Макка сифатида кўришади. Бу ерга келиш, зиёрат қилиш учун ҳеч нарсани аямайди.

Тўғриси, ҳар қандай меҳмонхона ҳам мусулмонларга тўғри келиши мумкин. Хонада жойнамоз ва қибла тарафни кўрсатувчи кўрсатгич бўлса, етарли. Лекин, мусулмон сайёҳларнинг эътиборини тортиш учун булар камлик қилади. Улар замонавий меҳмонхоналарга унчалик қизиқмайди. Шунинг учун Бухородаги эски ҳовлилар, миллий услубда безатилган уй меҳмонхоналарида уларни кутиб оламиз. Хонтахта қўйиб, атрофига кўрпачалар солинган, деворлар кашта ва сўзанилар билан безатилган бўлса, хурсанд бўлишади. У ерда намоз ўқийдиган бурчак, қиблани кўрсатадиган кўрсаткич ва муқаддас Қуръон китобининг бўлиши айни муддао.

Таомларга келадиган бўлсак, мусулмон туристлар одатда ҳалол таомларга жуда эътибор қаратади. Колбаса, сосиска каби маҳсулотларни емайди. Шунинг учун меҳмонлар ташрифидан олдин улар билан келишиб, таомнома тузиб оламиз.

Ўзлари ёқтирган таомлар қаторига миллий овқатларимизни қўшамиз. Таклиф ва тавсиялар берамиз. Шубҳа бўлмаслиги учун, қўйни ҳам мастер-класс тарзида уларнинг кўз ўнгида сўйиб, таом тайёрланади. Қулоғи кесилмаган, зарар етказилмаган қўйга буюртма берамиз. Ҳаммасини меҳмонлар кузатиб туради.

Муддао емак-ичмакдан тортиб турли маҳсулот ва хизматларнинг мусаффолигини таъминлашдан иборат бўлар экан, тур-оператор билан суҳбатимиз давомида келаётган сайёҳларни яна нималар кўпроқ қизиқтиришини, улар қайси мавзуларда саволлар бериши ҳақида ҳам сўраб кўрдик.

– Тажрибамдан айтадиган бўлсам, уларга ислом тарихи билан боғлиқ зиёратгоҳлар ҳам қизиқ, – дейди Ш.Қурбонова.– Юртимизда одам қадами етмаган, интернетга киритилмаган бундай жойлар жуда кўп.

Мисол учун, Қашқадарёда бир ярим миллионга яқин зиёратгоҳлар бор. Уларнинг бир нечтасини атрофдагилардан эшитиб, сайёҳларни олиб борганман. Қаршидаги “Қиз қабри” тарихини шу атрофда яшайдиган ёши катта отахон айтиб берди. Уни хорижлик сайёҳлар қизиқиб тинглади.

“У даврларда ислом маданияти энди кириб келган бўлиб, намоз ўқиши ошкор бўлган қизни лашкарлар таъқиб қилади. Лекин тута олишмагач, уни ўраб олишади. Шунда қиз охирги илтимос сифатида сўнгги марта намоз ўқишни сўраган экан. Намозни ўқиб бўлгач, ер ёрилиб, қиз тушиб кетган. Лекин унинг узун сочлари ер юзида қолган экан”.

Бу ривоятни чиройли қилиб айта оладиган, унинг тарихини тўлиқ биладиган инсонларни топсак, тарғиб қилсак бизга ҳам яхши бўларди.

Албатта, агарда Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотига эътибор қиладиган бўлсак, ҳар йили 300-330 миллион сайёҳ дунёдаги энг муҳим диний объектларга ташриф буюради. Бу борада ҳам юртимизда дадил қадамлар ташлашга имкониятлар етарли. Зеро, бундай саъй-ҳаракатлар, табаррук заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Мотуридий, Имом Ат-Термизий, Навоий, Берунийлар меросини дунёда тарғиб қилишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Эслатиб ўтамиз, ҳалол тушунчаси ислом динида рухсат этилган ва йўл қўйилган маҳсулотга нисбатан айтилади.

“Ҳалол” стандарти эса маҳсулотларни ислом дини талаблари асосида ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва тамғалаш жараёнларига бўлган талабларни белгилайди. “Нalal” араб атамасига нисбатан умумий методик кўрсатмалар “Кодекс Алиментариус” комиссиясининг 1997 йилдаги 22-сессиясида қабул қилинган.

Сайёра Шоева

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  Top.Mail.Ru