Ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгиланмоқда

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди.

Унда парламент юқори палатасининг тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Дастлаб “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни муҳокама қилинди.

Мазкур қонун билан “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ва Ер кодексига ўзгартишлар киритилмоқда.

Ўз ўрнида, киритилаётган нормага асосан, ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги бўлган тақдирда ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорига ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилади.

Шунингдек, ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгиланмоқда. Ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича ваколатларини чеклаш назарда тутилмоқда.

Қолаверса, туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг қарори ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқини фақат тўрт ҳолатда тугатиш амалга оширилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида мулкдорлар ҳуқуқлари, уларни ўз мулкига бўлган мулк ҳуқуқидан асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳимоя қилиш кафолати мустаҳкамланади.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси таркибига кирувчи 14 та тармоқ касаба уюшмаси 32,5 мингдан зиёд бошланғич ташкилотни бирлаштирган. Аъзолар сони 5,5 миллионни ташкил этиб, улардан 2,5 миллиони аёллар ҳамда 2 миллиондан ортиғи 30 ёшгача бўлган ёшлардир.

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун билан ушбу тузилмаларга қўшимча ҳуқуқлар берилмоқда. Эндиликда касаба уюшмалари ижтимоий-иқтисодий дастурларни тузишда қатнашиш, бандлик, меҳнат муҳофазаси масалаларида ўзларининг фикрларини давлат органларига тақдимнома шаклида киритиш каби ҳуқуқларга эга бўлмоқда.

Янги қонун билан 11 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари куни деб белгиланиши кутилмоқда. Бу эса халқимизнинг кўп миллионли вакилларини ўзида бирлаштирган тизим ходимларининг ҳамжиҳатлиги, бирдамлигини янада мустаҳкамлайди.

Қонуннинг қабул қилиниши касаба уюшмалари ташкилотларини, энг аввало, маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг янада самарали фаолият юритишни таъминлаш, ташкилот фидойи ходимларини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи ҳам муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Top.Mail.Ru