yangiliklar

БИТИРУВЧИЛАР КЎРГАЗМАСИ

Тошкент Фотосуратлар уйида ТФУ қошидаги Ижодий фотосанъат мактаб-студияси битирувчиларининг ҳисобот кўргазмаси бўлиб ўтди.
Экспозицияда мактаб-студиянинг 5 нафар иштирокчисининг 105 та энг яхши фотоишларини намойиш этилди.

Ушбу кўргазма 29-битирувчилари таҳсилининг якуний самарасидир. Ўқиш давомида уларга Ўзбекистоннинг етакчи фотоусталари ва истеъдодли устозлар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси “Фоторассомлар шўъбаси” аъзоси Искандар Содиқзода 3 ой давомида сабоқ бериб, касб сир-асрорларини ўргатиб, назарий ва амалий билимларини берган.

Фотосуратларда табиат, инсон ва борлиқ тушунчалари, маиший, натюрморт, манзара ва шаҳар кўринишлари, портрет жанрлари талқин этилган. Ҳар бир талаба ўзини қизиқтирган мавзу, ҳолат ва жанрларга устозлар сабоғи ва насиҳатларига биноан композицион ечими ва ранглар уйғунлигига амал қилган ҳолда ёндашган. Ижодий изланишларида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини кўрсатишга ҳаракат қилган.

Бўлажак фотосуратчилар ишларини кузатаркансиз, асарлар ўзига хослиги билан бир-биридан фарқланиб туради. Бундан уларнинг ижодга мойилликлари, изланишдан чарчамасликлари билиниб туради. Талабалар теварак-атрофга, миллий ва умуминсоний қадриятларга бўлган қизиқишларини, инсоннинг ички оламини, унинг ҳиссиётларини, ҳайвонот ва қушлар оламининг ўзига хос жиҳатларини кашф этадилар.
Кўргазмага ташриф буюрган томошабинлар янги истеъдод соҳибларининг дунёқарашлари билан танишиб, уларга баҳо бериш имкониятига эга бўладилар.

Маълумки, Ижодий фотосанъат мактаб-студияси 2006 йилда Ўзбекистон Бадиий Академияси ТФУ қошида ташкил этилган. Бугунги кунда у Ўзбекистонда фотография санъатини ўрганиш бўйича кучли мактаблардан бири саналади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  Top.Mail.Ru