Мамлакатимизда “Ҳунармандчилик марказлари” сони ортмоқда

Юртимизда сўнгги йилларда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, бу орқали халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшлар ва аёлларнинг ҳунармандчилик билан шуғулланишига кенг имконият яратилди.

Юртбошимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан республикамизнинг барча ҳудудларида “Ҳунармандчилик марказлари”ни ташкил қилиш режалари тузилди. Фармонга кўра “Ҳунармандчилик марказлари” икки қаватли кўринишда қурилиб, биринчи қаватда ҳунарманд устахонаси ва савдо дўкони, кўргазма заллари жойлашади. Иккинчи қаватида эса, ҳунармандлар яшашлари учун барча шароитлар яратилиши лозим эди.

Бугунги кунда Тошкентнинг Учтепа тумани (“Outlet” савдо мажмуаси), Шайхонтохур туманида 2 та (“Наврўз” боғидаги ҳунармандлар маркази), (Орифжонбой ота масжиди), Олмазор туманида 4 та (Сой бўйидаги ёшлар меҳнат гузари), (Каштачилик маркази), (Ёғоч ўймакорлиги маркази), (Ҳунармандчилик маркази), Юнусобод тумани (Сайилгох “Брадвей”) каби “Ҳунармандчилик марказлари” ўз фаолиятини олиб бормоқда.

“Ҳунармандчилик марказлари”ни ташкил этишдан мақсад, чет элдан юртимизга ташриф буюрган меҳмонларга миллий ҳунармандчилигимиз ҳақида, жараён ҳақида маълумот бериш ва бу марказлар ёшларни ҳунарга ўргатувчи масканга айланиши керак, – дейди Республика Ҳунарманд уюшмаси раиси ўринбосари Акобир Ҳакимов. – Бу марказлар туристик ҳудудларга, бекатларга яқин бўлган ҳудудларга қурилган, чет эллик меҳмонлар топишлари осон бўлиши инобатга олинган. Бундан ташқари бу каби марказларнинг ташкил этилиши халқ амалий санъатимизни асраб-авайлаш, миллий ҳунармандчилигимизни ривожлантириш ва келажак авлод учун сақлаш, уста ҳунармандлардан бу соҳанинг сир-асрорларини ёшларга ўргатишга хизмат қилади.

Юртимизда фармон тасдиқлангунга қадар, юртимизда 17 та ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари фаолият юритиб келган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йил якунига қадар жами 31 тага кўпайди. Республикамизнинг барча вилоятларида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.

2021 йил апрел ойида Фарғонанинг Риштон тумани, Хоразмнинг Янгиариқ тумани ва Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида жами 3 та кулолчиликни ривожлантириш марказлари қуриб битказилди.
2021-2022 йилларда республика ҳудудларида жами 54 та ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини қуриб битказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари “Ҳунармандчилик марказлари”ни ташкил этиш орқали “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтарга” киритилган аҳоли вакилларига ҳунар ўрганиш билан бир қаторда, уларнинг бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  Top.Mail.Ru