yangiliklar

Бухорода I халқаро “Зиёрат туризми” форуми ўтказилади

           Мамлакатимизнинг зиёрат туризми бўйича дунёда энг йирик марказлардан бири сифатида тан олинишини таъминлаш, Бухоро вилоятининг сайёҳлик имкониятларини намоён этиш ва соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишда ушбу форум катта аҳамият касб этади.

Айни пайтда халқаро анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича белгиланган аниқ чора-тадбирлар режасига мувофиқ, ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

– Кейинги йилларда юртимизда туризмнинг мамлакат иқтисодиётидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Бухоро вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёров. – Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, Президентимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар туризмни жадал ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунгача визасиз тартиб жорий этилгани сайёҳларнинг мамлакатимизга, хусусан, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларга қизиқишини янада оширди. Сайёҳлар орасида ислом маданияти обидалари, буюк алломаларимиз қадамжоларини зиёрат қилувчилар тобора кўпаймоқда.

Бухоро вилоятида ҳам зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги салоҳиятни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бухорода ўтказилиши кутилаётган анжуман ҳам айнан ана шу мақсадга хизмат қилади. Унда мамлакатимизнинг сайёҳлик, жумладан, зиёрат туризми имкониятлари ва сўнгги йилларда соҳага инвестиция жалб этиш, бу борадаги тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш самарасида эришилган ютуқ ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Шунингдек, хорижий мамлакатлар вакилларининг зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги тажрибасига ҳам эътибор қаратилади.

Форум доирасида туризм соҳасида янги йўналишларни ўзлаштириш, қизиқарли сайёҳлик маҳсулотларини шакллантиришга доир кўргазмалар ташкил этилади, хорижлик меҳмонлар ва туризм тармоғида фаолият юритаётган ишбилармонлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан музокаралар ўтказилади.

Нуфузли анжуманга Индонезия, Малайзия, Миср, Покистон, Қозоғистон, Қатар, Кувайт, Саудия Арабистони, Сингапур, Озарбайжон, Туркия, Нигерия, Россия, Ҳиндистон, Германия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Жанубий Африка каби дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шунингдек, қатор халқаро ташкилотларнинг 100 дан зиёд вакили ташриф буюриши кутилмоқда. Улар орасида соҳа мутахассислари, сайёҳлик компаниялари вакиллари, таниқли олимлар ва бошқалар бор.

Форумга ҳозирлик доирасида халқаро анжуман ўтказиладиган вилоят Ёшлар марказини тайёрлаш ва техник жиҳозлаш тадбирлари кўрилмоқда. Конференция зали ва матбуот маркази зарур техникалар, синхрон таржима қурилмалари, маълумотларни тезкор алмашиш учун симсиз интернет тармоғи билан таъминланади.

– Албатта, сайёҳликни ривожлантиришда соҳа индустрияси муҳим аҳамиятга эга, – дейди Бухоро вилояти туризмни ривожлантириш департаменти раҳбари Фурқат Хўжаев. – Бугунги кунда биргина Бухоро шаҳрида қўшма корхона, масъулияти чекланган жамият ва бошқа шаклдаги 140 га яқин хусусий меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. “Гранд Бухоро”, “Шаҳристон”, “Азия Бухара” меҳмонхоналари хорижий иштирокчилар, меҳмонлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига манзур бўлади.

Зиёрат туризмининг ўзига хос талаблари бор. Шуни инобатга олиб, анжуманнинг ислом динига эътиқод қилувчи қатнашчиларига тегишли қулайликлар, масалан, ибодат амалларини амалга ошириш бўйича зарур қулайликлар ҳам назарда тутилган.

Анжуман доирасида форум қатнашчиларининг Бухоро шаҳридаги қадимий меъморий ёдгорликлар билан танишуви ҳам ўрин олган. Шубҳасиз, бу ташриф уларнинг аждодларимиз ақл-заковати билан яратилган ноёб осори-атиқалар, Буюк ипак йўлидаги йирик туризм маркази – “Шарқ дурдонаси” сифатида эътироф этилган муқаддас шаҳар ҳақидаги тасаввурларини янада бойитади.

Бухоро ўзининг ислом дини ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган улуғ сиймолари билан ҳам машҳур. Мустақиллик йилларида улар меросини ўрганиш, хотираларига ҳурмат бажо келтириш мақсадида кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилди ва бу борадаги бунёдкорлик тадбирлари давом этмоқда.

Мусулмон дунёсида машҳур бўлган “Етти пир” силсиласини ташкил этувчи авлиёлар қадамжолари обод қилинди. Ҳозирда бу масканларда зиёратчилар учун янада қулайликлар яратилмоқда. Бухорода илк бор ташкил этилаётган I халқаро “Зиёрат туризми” форуми қатнашчилари Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ромитан ва Когон туманларида жойлашган ушбу қадамжоларни зиёрат қилади.

         Эркин Ёдгоров

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  Top.Mail.Ru